5 апреля 2022
2022 йил 05 апрель, Гулистон шахри– Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Гулистон вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази, Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш вилоят маркази билан биргаликда Ўзбекистонда Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш кунини нишонлади. USAID ушбу кунни туберкулёз касаллиги, стигма ва камситишнинг олдини олиш бўйича болалар расмлари кўргазмалари ва акцияларини ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида Гулистон шаҳрида «Ассалом тонг» ва оммавий гимнастика тадбири ва хайрия концертини ўтказиш орқали нишонлади.
Ҳар йили 24 март Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш куни дунё бўйлаб ҳар куни 4000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлаётган касалликнинг инсонларнинг соғлиғи ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳалокатли таъсири ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида нишонланади. Сўнгги икки йил айниқса мураккаб бўлиб, COVID-19 пандемияси туберкулёзга қарши кураш чораларининг самарадорлик таъсирини камайтирди. Ўзбекистон сўнгги ўн йил ичида туберкулёз касаллиги билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича барқарор ютуқларга эришган бўлса-да, касалликнинг дори воситаларига турғун бўлган шаклларини даволаш кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолмоқда.
USAID, шунингдек, оммавий тадбирлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва материалларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш орқали аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш ва касаллик билан боғлиқ стигма ва нотўғри маълумотни камайтириш мақсадида туберкулёзга қарши Миллий дастурни амалга ошириш учун бошқа маҳаллий ва халқаро шериклар билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.





