31 марта 2023
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан бошланган "Саломатлик сайллари" ойлиги доирасидаги соғломлаштириш тадбирлари Сирдарё вилоятида ҳам бошланиб, дастлаб бу борадаги тадбир Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада ўтказилди.
🔺Пойтахтдан Сирдарёга ташриф буюрган Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий маркази раҳбари, профессор Наргиза Парпиева бошчилигидаги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали ва етакчи мутахассислари сирдарёлик тиббиёт ходимлар билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, сурункали касаллиги бор беморларни муаммоларини ўрганди.
🔸"Саломатлик сайиллари" ойлиги доирасида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнларида 1-18 ёшгача бўлган болалар, 18-40 ёшгача бўлган фуқаролар, 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган фертил ёшдаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилган бўлса, 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болаларда гельминтоз, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар онкогематологик, 40 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар юқумли бўлмаган, 35 ёшдан катта аёлларда онкологик касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва уларга профилактик ёрдам кўрсатиш мақсадида скрининг кўриклар ташкил этилди.
🏥Гулистонда ташкил этилган тиббий кўрик, скрининг тадбирларига шаҳар ҳудудида истиқомат қилаётган 1351 нафар аҳоли вакиллари иштирок этиб, уларнинг 1011 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Ва натижада 340 нафар фуқарода касалликларнинг турли белгилари аниқланиб, 282 нафарига амбулатор шароитда даволаниш учун маслаҳатлар берилиб, оила шифокорларига йўналтирилган бўлса, 46 нафар фуқарога вилоят ва шаҳар миқёсидаги даволаш профилактика муассасаларида стационар шароитда даволаниш учун тавсиялар берилиб, даволаш профилактика муассасаларига ётқизиш чоралари кўрилиб,12 нафар фуқарода республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг малакали ва етакчи ходимлари сирдарёлик жарроҳлар иштирокида маҳорат дарси асосида мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун чора-тадбирлар режасини тузиб олишди.
▫️Шу билан бирга, бетоблиги ва ногиронлиги сабаб уйда ётиб қолган 4 нафар фуқаро учун хонадон кўриклари ташкил этилди. Ижтимоий аҳволи оғир, ёрдам талаб инсонларга тиббиёт бирлашмаси ҳамда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармасининг Сирдарё вилоят бўлими томонидан дори-дармон, кўз ойнак, ва сарфлов материаллари бепул тақдим этилди.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолини соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўлими, унинг шаҳар бўлинмаси ходимлари томонидан инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи омиллар хусусида тарғибот тадбири ҳам ташкил этилиб, юқумли бўлмаган касалликлар сабаб соғлиғида муаммоси бор фуқароларга тавсия ва маслаҳатлар берилди.
‼️Маълумот ўрнида: Сирдарёда ташкил этилиши кузда тутилган "Саломатлик сайллари" ойлиги доирасидаги соғломлаштириш тадбирлари эртага, яъни 31 март санасида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида, 1 апрел санасида Ширин шаҳрида, 3 апрел санасида Боёвут туманида, 4 апрел санасида Гулистон туманида, 5 апрел санасида Мирзаобод туманида, 6 апрел санасида оқолтин туманида, 7 апрел санасида Сардоба туманида, 8 апрел санасида Сайхунобод туманида, 10 апрел санасида Сирдарё туманида, 11 апрел санасида эса Ховос туманида ўтказилиши белгиланган.
Муҳими, соғлиғида жиддий муаммоси бор, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали ва етакчи мутахассисларидан маслаҳат олмоқчи, улар назоратидан ўтмоқчи бўлган фуқаролар, юқорида кўрсатилган саналарда, ўз ҳудудларидаги тиббиёт бирлашмаларига мурожаат этишлари мумкин.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати