Сирдарёда вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида янги бактериологик лаборатория очилди

New

8 декабря 2023

Сирдарёда вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказида янги бактериологик лаборатория очилди

2023 — 2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.01.2023 йилдаги ПҚ-12-сонли қарорини амалга ошириш доирасида ҳамда туберкулёз, шу жумладан дориларга турғун туберкулёзни ташхислаш имкониятларини кенгайтириш, Левенштейн – Йенсен қаттиқ озиқа муҳити ва BD BACTEC™ MGIT™ автоматлаштирилган технологияларидан фойдаланган ҳолда суюқ озиқа муҳитларида экма ва дориларга сезгирлик тестларини ўтказишни амалиётга жорий этиш мақсадида 2023 йил 6 декабрида Сирдарё вилояти фтизиатрия ва пульмонология марказида янги бактериологик лабораториянинг тантанали очилиши бўлиб ўтди.
USAIDнинг “Туберкулёздан холи Ўзбекистон” лойиҳаси Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида янги бактериологик лабораторияни ишга туширишда ташкилиш-техник тайёргарлик кўриш ҳамда лаборатория жиҳозларини созлашда ёрдам кўрсатди. Илгарилари ушбу лаборатория фақатгина GeneXpert тезкор усулидан фойдаланган ҳолда туберкулёзни ташхислар эди, биологик намуналар экма ва фенотипик сезгирлик тестларини ўтказиш учун эса Тошкент шаҳридаги Миллий Референс Лабораторияга ва Самарқанд вилоятидаги регионал лабораторияга жўнатилар эди.
Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Глобал жамғарма, USAID, KFW каби халқаро ҳамкорлар кўмагида Сирдарё вилоятида замонавий жиҳозланган янги бактериологик лабораторияни ишга тушириш туберкулёз ва дориларга турғун туберкулёзни ташхислаш учун зарур барча таҳлилларни, шу жумладан:
1) латент туберкулёз инфекциясини аниқлашга имкон берувчи квантиферон таҳлили
2) қаттиқ ва суюқ озиқа муҳитларига (MGIT) биологик намуналарни экиш
3) BD Bactec™ MGIT™ 960 автоматлаштирилган технологияларидан фойдаланган ҳолда 1-чи ва 2-чи қатор туберкулёзга қарши дориларга, айниқса бедаквилин, деламанид, клофазимин ва линезолид каби янги туберкулёзга қарши дориларга сезгирлик тестларини ўтказишга имкон беради.
Туберкулёз ва дориларга турғун туберкулёзни ташхислашда ушбу лабораториянинг қуввати ва хизмат кўрсатиш сифати Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги бошқа регионал лабораторияларникидан қолишмайди.
USAIDнинг “Туберкулёздан холи Ўзбекистон” лойиҳаси Миллий туберкулёзга қарши кураш дастури билан биргаликда Сирдарё вилоятида лаборатория мутахассисларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек туберкулёзни тезкор ва замонавий ташхислашни янада ривожлантириш учун лаборатор ташхислаш сифатини оширишда техник кўмак кўрсатади.

Специальные возможности